Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш: Марказсизлаштириш ва меритократия тамойиллари

1. 84-мақсад: Давлат бошқарувини марказсизлаштириш ва маҳаллий ҳокимият масъулияти.
2. 85-мақсад: Давлат хизматида меритократия ва кадрлар салоҳиятини ошириш.
3. Хулоса
Кириш
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатимизни янги ривожланиш босқичига олиб чиқишда муҳим дастуриламал ҳисобланади. Унинг
4-йўналиши бевосита қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга қаратилган. Бугун биз ушбу йўналишнинг энг муҳим бўғинлари бўлган 84 ва 85-мақсадлар устида тўхталамиз.
1. Давлат бошқарувини марказсизлаштириш (84-мақсад)
Ушбу мақсаднинг асосий ғояси «қарор қабул қилиш марказини халққа яқинлаштириш». Ваколатларни қуйи бўғинга ўтказиш: Эндиликда кўплаб масалалар пойтахтда эмас, балки туман ва шаҳар даражасида ҳал қилиниши кўзда тутилган. Бу бюрократияни камайтиради ва муаммоларни тезкор ечиш имконини беради.Маҳаллий ҳокимият масъулияти: Туман ва шаҳар ҳокимлари нафақат юқори органлар, балки бевосита халқ вакиллари бўлган маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдор бўлади. Жамоатчилик назорати: «Очиқ бюджет» каби лойиҳалар орқали аҳоли маҳаллий бюджет маблағларининг қаерга сарфланишини ўзи ҳал қилади. Бу фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим омилидир.
Мазкур мақсад доирасида бугунги кунда бир қанча қарорлар қабул қилинган, чунончи: Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2025-йил
6-декабрдаги ПФ-243-сон Фармони: Мазкур ҳужжат билан бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди. Фармон «вазифа функция ресурс жавобгарлик» занжири асосида давлат органлари фаолиятини тартибга солишни назарда тутади. Бундан ташқари маҳаллий бюджет назорати:
[2025-йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун] ижросини таъминлаш бўйича ПҚ-455-сон қарори (2024-йил 25-декабрь) орқали ҳудудий лойиҳаларни молиялаштиришда маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари янада кенгайтирилди.
Давлат хизматида меритократия ва профессионализм (85-мақсад)
Давлат бошқарувининг самарадорлиги бевосита кадрларга боғлиқ.
85-мақсадда меритократия (лотинча «меритус» – муносиб) тамойили илгари сурилган.Муносиблик тамойили: Давлат хизматига ишга кириш ва лавозимда кўтарилишда таниш-билишчиликка чек қўйилиб, фақат билим, тажриба ва натижадорлик (KPI) инобатга олинади. KPI тизими: Ҳар бир давлат хизматчисининг иш самарадорлиги аниқ рақамлар ва кўрсаткичлар асосида баҳоланади. «Қанча кўп ва сифатли ишласанг, шунча рағбат оласан» тизими жорий этилади.Кадрлар захираси ва таълим: Давлат бошқаруви академияси ва хорижий экспертлар иштирокида янги авлод раҳбарлари тайёрланади. Бунда рақамли технологиялар ва замонавий менежмент усулларини билиш мажбурий талаб бўлади.
Мазкур мақсад доирасида бугунги кунда бир қанча қарорлар қабул қилинган, чунончи: Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 31-июлдаги 463-сон қарори: Ушбу қарор билан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими тасдиқланди. Эндиликда 93 та давлат ташкилоти раҳбарларининг иш натижалари ушбу тизим орқали мониторинг қилинади. Шунингдек Президентимизнинг
2024-йил 13-февралдаги ПФ-49-сон Фармони: Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилди. Бу ҳужжат давлат хизматчилари учун «меритократия» тамойилини амалда қўллашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Бундан ташқари Сунъий интеллект ва кадрлар: [2024-йил 14-октябрдаги ПҚ-358-сон қарори] билан давлат бошқарувига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ва ушбу соҳада кадрлар малакасини ошириш бўйича 2024–2026-йилларга мўлжалланган
чора-тадбирлар тасдиқланди. Ушбу қарорлар тизимли равишда давлат хизматида бюрократияни камайтириш ва ҳар бир ходимнинг о’з лавозимига муносиблигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хулоса
Ушбу икки мақсад бир-бирини тўлдиради: Бир томондан бошқарув тизими ихчамлаштирилиб, халққа яқинлашмоқда (84-мақсад), иккинчи томондан эса ушбу тизимда фақат энг билимли ва муносиб мутахассислар ишлаши таъминланмоқда (85-мақсад). Бу ислоҳотларнинг пировард мақсади «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилни тўлақонли ҳаётга татбиқ этишдир.
Таёрлади Андижон вилоят Маъмурий
суд судъяси И.Матмусаев

Do`stlarga ulashing:

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan